Линклар

Шошилинч хабар
13 июн 2025, Тошкент вақти: 04:13

"Июн воқеалари". Қирғизистондаги қонли тўқнашувларга 15 йил тўлди


Июнь воқеаларида қурбон бўлганлар ҳаққига дуо қилаётган ўшликлар. 2011 йил.
Июнь воқеаларида қурбон бўлганлар ҳаққига дуо қилаётган ўшликлар. 2011 йил.

Қирғизистон тарихида "Июн воқеалари" ёки "Ўш воқеалари" номи билан муҳрланиб қолган қонли тўқнашувларга 15 йил тўлди.

Ундан бери Қирғизистонда тўртта президент алмашди. Улар ҳар йили 10 июнь куни халқ бирдамлиги ва тинчлик ҳақидаги баёнотлар билан мудҳиш кунларни хотирлашар эди. Этник ўзбеклар билан қирғизлар ўртасидаги тўрт кунлик тўқнашувга 15 йил тўлган санада юқори даражадаги расмий мурожаатлар янграмади.

Сўнгги йилларда Қирғизистон расмийлари "Июн воқеалари"ни эсламаслик, бунинг ўрнига миллатлараро тотувлик ҳақида кўпроқ гапиришга ҳаракат қилмоқда.

Аммо, ўша пайтда яқинини йўқотганлар ўша машъум кунлар бир умр қалбида доғ бўлиб қолганини айтади.

"Бизга яхши сўз кифоя эди"

Ўшлик Маҳфуза Раҳмонова 2010 йили онасидан ва укасидан ажраган. У ҳозиргача қонли воқеалар Қирғизистонда ўша пайтдаги ҳокимият тепасида ўтирган сиёсатчиларни айблайди:

“15 йил ўтди. Ҳар йили шу санада тўпланиб, яқинини йўқотганлар бир биримиз билан дардлашамиз. Укамга тоғдан снайпернинг ўқи теккан. Онамни эса йўлда машинада ёқиб юборишган. Суягини олдим. Кўмдим. Ёлғиз қизман. Отам ҳам йўқ. Йиллар ўтаркан, кунлар ўтаркан. Ўшанда ҳамма нарса ҳокимиятнинг қўлида эди, бунга йўл қўйишмаса бўларди”.

Ўш шаҳрида фожиадан кейин ўрнатилган “Оналар кўз ёши” мемориал мажмуаси ёнига 10 июнь куни маҳаллий ҳокимият вакиллари ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари келиб, қуръон тиловат қилишди, гулчамбар қўйишди.

Уларнинг орасида ўша мудҳиш кунларда ўғлидан айрилган Шаани Топчубаева ҳам бор. У марҳумларни хотирлашга беэътибор дея маҳаллий ҳокимиятни айбламоқда:

“Ўсиб келаётган авлодга “ота-оналарни йиғлатманглар” деб айтган бўлардим. Ҳокимият ҳам жуда ошиб борса икки йил эътибор бераркан. Бугун биз ишонган ва ҳурмат қилган шаҳар ҳокими келармикин деб ўйлагандим. Беш дақиқа вақтини ажратиб, бизга яхши сўзини аямаса бўларди. Вилоят ҳокими эса ўринбосарини жўнатиб қўяди. Ўтган йили ҳеч ким келмаган, бу йил яхши ўринбосарларини жўнатишибди. Албатта, бизга фарзандларимизни тирилтириб беришмайди. Яхши сўзлари ўзи кифоя эди”.

Унутилаётган “Июнь воқеалари”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:31 0:00

Тотувликка қаратилган эътибор

Бугунги Ўш ва Жалолобод шаҳарларида ҳаёт одатий тарзда давом этяпти. Бозорлар, дўконлар, билим даргоҳлари, ишхоналар ва давлат муассасалари ишлаяпти. 15 йил аввалги воқеалар жамоат муҳокамасида кенг ўрин олмайди.

Давлат раҳбарлари ёмон кунларни қайта-қайта эслаш эмас, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидлашади. Журналистлар ҳам асосан мана шу томонини, яъни тотувликни ёритадилар. Аҳоли орасида фожеани ёдга олишдан ўзини тийишни афзал кўрувчилар кўп.

Зулфия Турғунова 2010 йил июнь ойидаги фожиали воқеалардан кўп ўтмай, Бишкекдан Ўшга кўчиб келган ва ўша пайтдаги оғир вазиятни ёритиш билан шуғулланган. Шундан бери 15 йилдирки, у Ўшда яшайди ва журналистикада фаолиятини давом эттирмоқда.

Унинг таъкидлашича, миллатлараро тўқнашувдан кейин журналистлар зиммасига нафақат жабр кўрганлар ва шаҳардаги муаммоларни ёритиш, балки жамиятни тиклаш, аҳоли ва маҳаллий ҳокимиятга маънавий ёрдам бериш вазифаси ҳам тушган.

“Биз ўшанда ўзимизга савол бердик: давлат ўз зиммасидаги ишни қилиб, уй-жойларни тиклашга ёрдам кўрсатаётган экан, журналистлар бу жараёнга қандай ҳисса қўша олади? Бизнинг вазифамиз — одамларнинг руҳини кўтариш, улардаги яхшиликка бўлган ишончни йўқотмаслик эди. Миллатлараро тотувликка ҳисса қўшишга ҳаракат қилаётган инсонлар ҳақида, интернационал оилалар ҳақида кўпроқ мақола ва лавҳалар тайёрладик. Айнан шундай материаллар ижтимоий кайфиятга ижобий таъсир кўрсатарди” - деган Зулфия бу фаолиятини бугунгача давом эттиряпти.

Фақат Ўш эмас, балки Қирғизистон жанубидаги барча ҳудудлардаги инсонлар орасидан миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаётган шахсларни излаб, улар ҳақида мақолалар ёзади. Лекин у ўз материалларида "Июн воқеалари"ни эсламасликка ҳаракат қилишини таъкидлайди.

Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг бош дирижери, бастакор Маъмуржон Шокиров ҳам 15 йил олдин мамлакатдаги энг оғир кунларга гувоҳ бўлган инсонлардан бири.

“2010 йил воқеаларини ҳеч эслагим келмайди. Ундан бери анча ўзгаришлар бўлди. Мени қувонтиргани, бир неча олдин 25 майда мактаб ўқувчиларининг битирув кечаси куни боғ оралаб кетаётгандим. Қарасам, ёшлар шунақа маза қилиб ўйнашяпти. Ярми қирғизлар, ярми ўзбеклар. Бир бирлари билан шунақа иноқ муомалада бўлишаётганини кўриб, хурсанд бўлдим. Мамлакатимизнинг келажаги бор экан деб ўйлаганман ўшанда. Яна бир мисол, яқинда бозорда қирғиз сотувчига ўзбек харидорга ўзбекча гапиряпти. Харидор эса унга қирғизча гапиряпти. Иккиси бир бирининг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилишяпти” - дейди Шокиров.


Ўшдаги Навои истироҳат боғида шахмат ўйнаётган оқсоқоллар. 2019 йил.
Ўшдаги Навои истироҳат боғида шахмат ўйнаётган оқсоқоллар. 2019 йил.

Мудҳиш воқеанинг бошланиши

2010 йилнинг 7 апрелида Бишкекда кўтарилган халқ исёни ортидан президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилган эди. Ўшанда Бакиев Бишкекдан ўзи туғилиб ўсган Жалолобод вилоятига қочган.

Кейин эса Беларусдан бошпана сўрашга мажбур бўлганди. Бакиев Қирғизистонни тарк этган пайтда мамлакат жанубидаги вазият жуда таранг эди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай "Июн воқеалари" юз берган. 10 июнь оқшомида Ўш шаҳри марказида икки миллат вакиллари ўртасида содир бўлган тўқнашувлар қисқа муддатда Жалолобод шаҳрида, Қорасув ва Сузоқ туманларининг айрим ҳудудларига ҳам кўчди.

Ўш воқеаларига 11 йил тўлди. Фожиа хронологияси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:21 0:00

Шу тариқа, халқаро ҳисоботга кўра, минглаб одам қатнашган муштлашув, ёнғинлар ва қурол ҳамда ҳарбий техника қўлланган тўқнашувлар 15 июнь тонгигача давом этди.

Уйлари ёниб кетган минглаб одам - асосан аёллар, кексалар ва болалар қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтган. Жанжал тўхтаб, вазият яхшилана бошлагач, уйларига қайтиб келишган.

Ўша пайтда Қирғизистон ҳокимиятини бошқариб турган Муваққат ҳукумат "Июн воқеалари"ни “миллатлараро низо” деб баҳолаган ва бунинг учун масъулиятни “сепаратистик кайфиятдаги ўзбек лидерлари” деб айбланган маҳаллий ўзбек етакчилари зиммасига юклаган.

Аммо, аксар ҳуқуқ фаоллари бу воқеа аслида ҳокимият учун кураш асносида юзага келган фожиа, деган хулосани тилга олган эдилар. Жамоатчилик орасида уларга “Қирғизистон жанубидан автономия талаб қилган” деб айбланган.

2010 йилдан то шу кунгача Қирғизистонда тўртта президент - Рўза Ўтунбаева, Алмазбек Атамбаев, Сўўрўнбай Жээнбеков алмашди. Айни пайтда Садир Жапаров ҳокимиятни бошқармоқда.

Амалдаги президент Садир Жапаров даврида, аввалги ҳамкасбларидан фарқли 2010 йилда Қирғизистонни бошқарган Муваққат ҳукуматнинг уч аъзосига расман айблов қилинди. Жапаров 2022 йилда қилган мурожаатида “бу фожеа бизнинг кўзимизни очди” деган эди.

“Мазкур фожиа бизнинг кўзимизни очди, давлат яхлитлиги учун ўз хатти-ҳаракатларимизда эҳтиёт бўлишимиз лозимлигини ойдинлатди. Бу воқеалар ҳар қирғизистонликни мамлакатимиз тақдири учун масъулият ҳис этишга мажбур қилди”.

Қирғизистон Бош прокуратураси 2010 йилнинг июнида содир этилган "Ўш воқеалари" бўйича очилган жиноят иши доирасида ўша вақтдаги Муваққат хукумат аъзолари бўлган Кенешбек Дуйшўбаев, Исмаил Исақов ва Бектур Асановга айблов билдирган.

Ҳисоботлар ва хулосалар

"Июн воқеалари"да расмий ҳисоб бўйича 446 одам ҳалок бўлган, 2 мингга яқин одам жароҳатланган, 57 одам бедарак кетган. Cўнгги маълумотларга кўра, уларнинг 20га яқини бугунгача топилмаган.

2011 йилда Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” деган хулосани эълон қилган эди.

Amnesti international, Human Rights Watch каби халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ёзган ҳисоботга кўра, ўшанда 500га яқин одам қурбон бўлгани, улардан 74 фоизи ўзбек, 25 фоизи қирғиз ва 1 фоизи бошқа миллат вакили бўлган.

Июнь воқеалари қурбонларга бағишлаб қурилган "Оналар кўз ёши" комплексидаги тадбир. 2017 йил, 10 июнь. Ўш шаҳри.
Июнь воқеалари қурбонларга бағишлаб қурилган "Оналар кўз ёши" комплексидаги тадбир. 2017 йил, 10 июнь. Ўш шаҳри.

Ҳисоботда, шунингдек "Июн воқеалари"даги қотиллик ва бошқа жиноятларда айбланиб қўлга олинганларнинг 80 фоизи ўзбеклардир, деган маълумот келтирилганди.

Ўша йили Қирғизистон Миллий комиссияси ҳам ўз ҳисоботини эълон қилган ва қарийб айни хулосаларга келган.

Жумладан, "Июн воқеалари" ташкилотчиси сифатида айбланган ўзбек лидерлари автономия талаб қилиш ёки айримачилик кайфиятидаги чақириқларни қилмагани ҳар икки ҳисоботда айтилган эди.

Лекин бу икки хулосада воқеанинг сабаби фарқли бўлган. Жумладан, Халқаро комиссия раиси Киммо Килюнен: “Бу фожеанинг битта асосий сабаби бор. Бу ҳам бўлса, этномиллатчиликка асосланган сиёсий фанатизм”, деган эди.

Шунинг учун, халқаро комиссия Ўш воқеаларини “инсониятга қарши жиноят” деб баҳолаган. Бунинг ортидан Киммо Килюнен Қирғизистонда “исталмаган шахс”, деб топилганди.

Парламент комиссияси эса "Июн воқеалари"нинг асосий сабабчиси маҳаллий ўзбек лидерлари айбдор, деган хулосани эълон қилган.

Жумладан, ҳукумат томонидан айбланган ўзбеклар рўйҳати бошида бўлган Қодиржон Ботиров 2011 йилда Швециядан бошпана олган. У 2018 йил 4 декабрида 62 ёшида вафот этди, 8 декабрь куни Тошкент вилоятининг Зангиота қабристонига дафн этилди.

Воқеаларда айбланиб, умрбод қамоққа ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров эса 2020 йил 25 июлда, 69 ёшида, Бишкек қамоқхонасида вафот этди, унинг зотилжам хасталигидан ўлгани айтилганди.

Асқаров ҳам Тошкентда дафн этилди. Ўз вақтида Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Акун Азимжон Асқаровнинг бегуноҳ экани мустақил текширув комиссияси томонидан аниқлаганини эълон қилганди.

“Июн воқеалари”дан 15 йил ўтиб, таҳлилчилар ва ҳуқуқ фаоллари фаоллари Қирғизистон ҳукумати бу воқеалар бўйича адолатли тергов ва судловни амалга оширмаган, деган хулосани тилга олмоқда.

Бугун вазият бошқа

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Паниер Қирғизистонда ҳозир бу воқеаларни эсламасликка қилинаётган ҳаракатнинг сабабларини бундай изоҳлайди:

“Улар одамларнинг бу воқеаларни яна эслашини истамаяпти. Шунинг учун, Ўш воқеаларида жабр кўрган одамлар учун адолат тикланади ёки низолашган икки гуруҳдан бири ўртага чиқиб, “бизнинг гуруҳимиз хато қилган эди” деб айбни тан олиши ва кечирим сўраши мумкин, ҳеч бўлмаса қилмишидан пушаймонлигини билдириши мумкин, деб ўйламайман. Ваҳоланки, бу жуда даҳшатли воқеа бўлган эди.

Лекин, ҳозир икки халқ ўртасида алоқалар аввалгисидан анча яхши. Ўзбекистондаги ўзгаришлар бунга сабаб бўлди ва шу боис, бу воқеани эслаш ҳамда адолатни тиклашга уриниш муаммога сабаб бўлади, деб ўйламайман. Ҳар ҳолда, айнан ҳозир ўзбек ва қирғиз муносабатлари дўстона. Буни чегараларни очишганидан ва байрам қилишганидан, одамларнинг у ёқ-бу ёққа қатнаганидан кўриш мумкин. Ҳозир улар Сўхдаги “Чашма”булоғи муаммосини ҳам ҳал қилди.

Буларнинг ҳаммаси жуда ижобий воқелик ва мен ҳозир янги этник низоларга замин бор, деб ўйламайман”.

Бугунги Қирғизистон ҳукумати - президент Садир Жапаров бошчилигида - Ўзбекистоннинг президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукумати билан изчил мулоқот олиб бормоқда.

"Оналар кўз ёши" комлекси. 2016 йил, 10 июнь. Ўш шаҳри.
"Оналар кўз ёши" комлекси. 2016 йил, 10 июнь. Ўш шаҳри.

Июнь воқеаларига 15 йил тўлган санада бу воқеани расман эсламаган Қирғизистон ҳукумати делегацияси Тошкентда бўлди. Вазирлар маҳкамаси раиси Адилбек Касималиев Тошкентдаги ҳалқаро инвестиция форумида иштирок этди ҳамда президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашди.

9-июнь куни эса Қирғизистоннинг Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси, Қирғиз футбол иттифоқи президенти Қамчибек Ташиев Ўзбекистонда бўлди. У Ўзбекистоннинг Миллий терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқиши муносабати билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбари Баҳодир Қурбоновни табриклади.

Икки давлат ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилган сиёсий экспертлар Бишкек ва Тошкент ўтмишдаги воқеаларни эсламасликка урғу бериб, ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратаётганини таъкидлашади:

“2010 йилдаги жанжал Қирғизистоннинг ичидаги воқеа эди. Ҳалок бўлганлар ҳам қирғизистонликлар эди. Ўзбекистон томони бу мавзуни кучайтирмасдан, Қирғизистон билан яхши алоқа ўрнатаётгани ҳокимиятнинг келажакни кўра билиш ва уни яхшилашга интилиши деб ўйлайман. Сабаби, кўпинча миллатлараро низо сиёсий балл тўплашда қўл келади ва буни сиёсатчилар қўлланишади. Лекин уни ўз манфаати учун ишлатмаслик давлатларнинг дўстлашишга интилишининг белгиси. Албатта, Қирғизистон бу мавзуга кўп тўхталмасликни ҳохлайди. Ўзбекистон томони ҳам бу борада қирғизларни айбламай алоқа қилаётгани сиёсий донишмандликни кўрсатади” – дейди бишкеклик таҳлилчи Адил Турдуқулов.

Кузатувчилар фикрича, сўнгги йилларда Қирғизистонда маҳаллий кенгашларга депутатликка сайланган этник ўзбеклар сони босқичма-босқич ортиб бормоқда.

Гарчи ўзбеклар олий раҳбарлик лавозимларини эгалламасалар-да, маҳаллий ҳокимият идораларидаги раҳбар ўринбосарлари орасида ўзбеклар учрайди.

Шунингдек, Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида ҳам охирги йилларда саҳна асарлари ва бошқа маданий тадбирлар сони ортган.

Аммо, қатор халқаро ва айрим маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари 2010 йилдаги фожеани уюштиришда айбланганларнинг асосий қисми этник ўзбеклар экани, уларнинг аксари узоқ муддатларга қамалгани, бошқалари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганини доим эслатиб келади.

Улар йиллар давомида Қирғизистон ҳукуматини бу воқеага қайтиб, мустаҳкам, адолатли ва ҳар икки миллатга тенг ёндошилган суриштирув ўтказишга чақириб келмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG