Бу ҳолат президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Москвада премьер-министр Михаил Мишустин билан муҳожирлар масаласини муҳокама қилганидан ўн кун ўтиб рўй берди.
Тошкент бу сафар Россияга нота йўллаб, ўзбекларга нисбатан қўпол муомалага эътироз билдирди. Москва эса ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.
Айни дамда Ўзбекистон ҳукумати фуқароларни Европа ва Америкага ишлашга жўнатиш имкониятларини кенгайтириш ҳаракатини кўрмоқда.
Ўзбекистон фуқароларининг шаъни
Москванинг Строгино туманида 8 июнда куни ўтказилган рейд чоғида Махсус тайинловли мобил отряд (ОМОН) аскарлари муҳожирларни "маймунлар" дея ҳақорат қилиб, уриб-тепиб ётоқхонадан ташқарига чиқараётгани тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Бу Россияда ишлаётган Марказий Осиё давлатларидан борган муҳожирларга қарши зўравонлик билан ташкил этилган рейдларнинг навбатдагиси. Кузатувчиларга кўра, бу сафар улар орасида ўзбекистонликлар кўп бўлган.
Бу масала 11 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Россия томони билан ўтказилган навбатдаги музокараларда ҳам кўтарилиб, Тошкент Кремлга нота йўллади. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот котиби Аҳрор Бурхонов Телеграмга ёзди.
“Ушбу масала юзасидан Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси томонидан ҳам Россия томони билан тегишли дипломатик каналлар орқали мулоқот олиб борилмоқда. Ўзбекистон томони барча фуқароларга нисбатан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлашга чақиради. Шу муносабат билан, Россия Федерациясининг тегишли идораларини Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақириб қоламиз” – деди Бурхонов.
Ижтимоий тармоқларда бу қадам ҳам ижобий, ҳам “кечиккан нота” сифатида баҳоланди. Чунки, Россияда муҳожирларга нисбатан зўравонлик илгари ҳам кузатилганига қарамай, Ўзбекистон дипломатик даражада бу каби очиқ эътироз билдирмаган эди. Migrant.uz портали муассиси, юрист Ботиржон Шермуҳаммаднинг таъкидлашича, бу мигрантлар масаласида биринчи маротаба йўлланган нота бўлди.
11 июнда ТАСС агентлиги Тошкентнинг нотасига нисбатан Россия муносабат билдирганини хабар қилди. Маълумотга кўра, Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Кремль нота мазмунини диққат билан ўрганаётганини, жавоби Тошкентга жўнатилишини билдирган.
"Шуни таъкидлашни истардимки, бизда ҳуқуқ-тартибот ва бошқа хизматлар билан тўғридан-тўғри алоқа каналлари мавжуд. Одатда, иттифоқчилар ўртасида суҳбат самимий бўлиб, ҳар қандай сигнал синчковлик билан кўриб чиқилади. Ўзбекистон томонининг юқорида қайд этилган мурожаати бўйича ваколатли органларга келиб тушган маълумотлар тегишли органларга етказилади" - деган Захарова.
Россия Ички ишлар вазирлиги жорий йилнинг феврал ойи бошида 685 мингга яқин чет эл фуқаролари “кузатувдаги шахслар" рўйхатига киритилганини маълум қилган ва текширувларни кучайтирган.
Кремл бундай рейдларни ҳеч қачон қораламаган. Аксинча меҳнат муҳожирларининг маҳаллий қонунларни бузиши, миграция талабларига бош эгмаслик ҳолатлари кўплигига боғлайди.
Расмийларининг таъсир чораси қанчалик самарали?
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа Москвадаги рейдни шафқатсизлик деб, ватандошларни Россияга бормасликка чақирди.
“Бу одатий нацизм-ку! Азиз ватандошлар, илтимос, Россияга борманглар! Афсуски, бундай видеолар тобора кўпаймоқда — ҳужжатларни текшириш баҳонасида ватандошларимиз Россиянинг турли ҳудудларида ҳақоратланаётгани ва калтакланаётгани акс этган ҳолатларни кўриб турибмиз. Менинг сўзларим фақат ўзбекларга эмас, балки қозоқ, қирғиз ва тожик биродарларимизга ҳам тааллуқли. Россия куч тузилмалари ходимларининг шунча даражада шафқатсиз муносабатда бўлиши афсуски янгилик эмас ва кўриниб турибдики, бу ҳолат яна анча давом этиши мумкин” – деб ёзган Шерзодхон Қудратхўжа Фейсбукдаги саҳифасига.
29 майда Ўзбекистон президентининг қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева Москвада премьер-министр Михаил Мишустин билан муҳожирлар муаммосини муҳокама қилган, шу жумладан патент расмийлаштиришни Ўзбекистонга кўчириш таклифини билдирган.
2 майда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Олег Мальгиновни чақириб, мигрантлар ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида хавотир билдирган. Аммо шундан кейин ҳам вазият ўзгармаётгани Ўзбекистон расмийларининг таъсир чоралари қанчалик самарали экани борасида саволлар туғдирган.
2024 йилда Москвадаги “Крокус Сити Холл”да содир этилган, камида 145 кишининг ҳаётига зомин бўлган қуролли ҳужумдан сўнг Россияда Марказий осиёлик мигрантларга нисбатан муносабат янада салбийлашган. Унда ҳужумга гумонланиб, тожикистонликлар қўлга олинганди.
Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Валентина Чупикнинг фикрича, Россияда муҳожирлар фақат меҳнат кучи сифатида кўрилади, уларнинг ҳуқуқлари расмийларни ва иш берувчиларни ташвишга солмайди:
“Полициянинг зўравонлиги ва текширувлари доимий равишда бўлиб келмоқда. Бу ҳолат яқинда бошланди дейиш нотўғри — 2022 йил февралидан бери кескин кўпайган. Ўша пайтда ярим йилча давом этиб, кейин бироз пасайди. Кейин “теракт” деб аталган воқеадан сўнг яна қаттиқлашди. Бу ҳолат Россия фуқаролигини олган собиқ мигрантлар учун сабоқ бўлмоқда. Уларга айтардимки, Россия фуқаролигини олманг! Яхшилик кўрмайсиз. Камситишлар тўхтамайди, кучаяди. Сизни урушга жўнатишади. Украинада ҳалок бўлишингиз мумкин. Бу сизнинг тақдирингиз бўлмаслиги керак!”
Ҳукумат фуқароларни Европа ва Америкага йўналтирмоқчи
Россия президенти Владимир Путиннинг қишда чиқарган фармонига кўра, барча хорижликлар 2025 йил 30 апрелга қадар бу ўлкада қолишни расмийлаштириши ёки мамлакатни тарк этиши шарт эди. Кейин бу муддат 10 сентябргача узайтирилган. Шу боис миграция марказларида навбатлар кескин кўпайган.
Бир ой аввал, 15 май куни Москва яқинидаги Сахарово миграция марказида тиқилинч оқибатида бир инсон ҳалок бўлган. Россиянинг расмий идоралари марҳумнинг шахси ва қайси ўлка фуқароси экани ҳақида маълумот бермаган. Ижтимоий тармоқларда у ўзбекистонлик экани айтилгани билан, Тошкент буни на тасдиқлаган, на инкор этган.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Акмал Бурҳонов 11 июнда журналист саволига жавоб берар экан, ҳозирда Россияда ишлаб юрган ўзбекларнинг сони бир миллионга етмаслигини, 7-8 йил олдин 5-6 миллион бўлганини таъкидлади. Унга кўра, бу ўзбек ҳукуматининг фуқароларни бошқа давлатларга ишлашга йўналтириш сиёсатининг натижаси.
“Яъни Осиё тинч океани минтақасида, Европада ва Америкада янги бозорларни очишга ҳаракат қиляпмиз. Болгария билан музокаралар ўтказдик, Словакия билан музокаралар бўлди. Янги иш ўринларини очиш бўйича муҳокамалар олиб борилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон фуқаролари учун ҳамкорларимиз билан биргаликда, адашмасам, қарийб 300 минга яқин иш ўринлари базасини яратдик” – деди Ташқи ишлар вазирлиги вакили.
Москва сўнгги вақтларда мигрантларга нисбатан бир қатор чекловчи қонунларни қабул қилди. 2025 йил 30 июндан бошлаб, мигрантлар Россияга жўнашдан 72 соат олдин махсус сайт ёки илова орқали ариза топшириб, келиши мақсадини аниқ тушунтириши талаб этилади. Ҳуқуқбонлар бу талаб амалда юз минглаб мигрант учун яна қийинчиликлар туғдириши, шунингдек, ҳужжатсизлик ва қонунийлик муаммоларини кескинлаштиришидан хавотир билдиришмоқда.
Форум